Tizimni amaliyotga qo'llash to'grisida Tartib

Вилоят ҳокимининг 2013 йил 03 декабрдаги 381-сонли қарорига 1-илова

Бухоро вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Давомат” ягона мониторинг тизимини амалиётга татбиқ этиш ва қўллаш тугрисида  ТАРТИБ

Мазкур тартиб вилоятдаги касб-хунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчиларини дарсларга тўлиқ жалб этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол, маънан етук бўлиб етишишини таъминлаш, улар орасида назоратсизлик, жиноят ва хуқуқбузарликлар содир қилиниши, шунингдек, деструктив ташкилот ва оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда таълим муассасалари, давлат идоралари ҳамда ота-оналарнинг ўзаро амалий хамкорлиги ва тезкор ахборот алмашинуви механизмини мустахкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

1.   Вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-хунар таълими тизимидаги таълим муассасалари:

1.1.    Барча касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда “Давомат” ягона мониторинг тизимидан фойдаланиш тартибини жорий қилади.

Бунда, замонавий компьютер технологиялари ва интернет имкониятларидан фойдаланган ҳолда хар бир ўқувчининг шахси, турар жойи, ота-онаси ва телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ киритилган ҳолда таълим муассасасининг ягона базасини шакллантиради.

1.2.      Давоматни назорат қилиб бориш мақсадида ҳар бир ўқувчини ўзининг фотосурати туширилган, муассаса рахбарининг имзоси билан тасдиқланган ва муассаса муҳри босилган электрон рухсатнома (бейджик) билан таъминлайди.

1.3.         Ҳар бир касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчиларнинг ушбу электрон белги билан кирганлиги тўғрисидаги маълумотлар онлайн тартибида асосий компьютер базасига узлуксиз юборилишини таъминлайди.

1.4.           Касб-хунар коллежлари, академик лицейларда ўқувчилар давоматини юритиш учун масъул бўлган ходимларни ўрнатилган тартибда тегишли буйруқлар билан тайинлайди.

Таълим муассасасида давоматнинг юритилиши учун масъул бўлган ходим 24 соат давомида сабабсиз дарсга келмаган, шунингдек тўсатдан йўқолган ўқувчининг ота-онасини қўл телефонига зудлик билан “СМС” хабар жўнатилишини ва худудий ички ишлар органи ҳамда прокуратурага хабар берилишини таъминлайди.

1.5.      Касб-ҳунар коллежлари директорлари ва уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари ўқувчиларнинг электрон рухсатнома (бейджик)ларини доимий равишда назорат қилинишини ҳамда шикаст етказиш ёки йуқотиш ҳолатларига нисбатан ваколатлари доирасида интизомий чоралар қўллаб борилишини таъминлайди.

2.  Вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошкармаси:

2.1.   Давомат тизимини самарали ва доимий равишда қўлланилиши, унинг техник ва бошка ҳолатларини мувофиқлаштириш мақсадида бошкармада ҳамда барча касб-хунар коллежлари ва академик лицейларда ўқув ишлари бўйича ўринбосарларнинг шахсан жавобгарлигини белгилайди.

2.2.     Мониторинг тизимида мавжуд маълумотларни мунтазам равишда таҳлил қилиб, дарсларга сабабсиз келмаётган, кечикиб келаётган ёки ўқув муассасасидан барвакт чиқиб кетаётган ўқувчилар, шунингдек, давомат кўрсаткичлари паст бўлган ҳар бир муассаса чуқур таҳлил қилиниб, ўқув муассасалари рахбарлари билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни муҳокама қилиб, тахлил натижалари ва қонун бузилиши аломатлари бўлган ҳолатлар тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳолда зудлик билан худудий прокуратура ҳамда ички ишлар органларига маълумот бериб борилишини таъминлайди.

2.3.            Таълим муассасаларидаги давомат кўрсаткичларига доир маълумотларни сунъий яхшилаш, сохтакорликка йўл қўйиш каби қонунбузарликларни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилайди.

2.4.    Вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошкармаси ва жойлардаги касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейлар раҳбарларининг эътибори, бу борадаги маълумотларнинг хаққонийлигини таъминлашга қаратилиб, худудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ўз вақтида ҳабар бериш ҳамда маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича жавобгарлигини кучайтиради.

3.   Шахар ва туманлар прокурорлари:

3.1.    Жорий этилаётган “Давомат” ягона мониторинг тизимидан самарали фойдаланилиши ҳамда киритилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги устидан таъсирчан прокурор назорати ўрнатади. Бунда, тизимда мавжуд тезкор маълумотлар асосида худуддаги ушбу тизим муассасаларида танлов асосида, қўққисдан текширувлар ўтказилади.

3.2.    Ўқишдан бўйин товлаган талабалар ёки уларни ўқишига тўсқинлик қилаётган ота-оналар ёки бошқа қонуний вакиллар ҳақидаги маълумотларга алохида эътибор қаратилиб, маълумотларнинг хаққонийлиги тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб борилади ва аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича қатьий прокурор назорати хужжатлари қўлланилади.

3.3.     Ўқувчининг 24 соат давомида дарсларга сабабсиз келмаётганлиги, ёки тўсатдан йўқолганлиги холати юзасидан тегишли ИИБлар билан ҳамкорликда профилактик ҳамда бошқа тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан самарали назорат ўрнатилишини таъминлайди.

Прокурорлар бу борадаги хуқуқни мухофаза қилувчи ва мутасадди идоралар фаолиятини мувофиқлаштирадилар.

4.   Шахар ва туманлар хокимлари:

4.1.     Ушбу мониторинг тизими имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида хотин-қизлар қўмиталари, ўзини-ўзи бошкариш органлари, “Махалла”, “Нуроний” хайрия жамгармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий харакати худудий Кенгашлари билан ҳамкорликда таълим муассасаларидаги давомат кўрсаткичлари тахлилидан келиб чиққан ҳолда хокимлик соати хамда бошқа таъсирчанлиги юқори бўлган йигилишларда атрофлича муҳокама қилиб, ўқувчиларни дарсларга тўлиқ қамраб олиш мақсадида ўқувчи, ўқитувчи, таълим муассасаси раҳбари ҳамда ота-оналар ёки бошка қонуний вакилларнинг харакатларини танқидий бахолайди.

4.2.         Таҳлил натижаларига кўра, фарзандига таълим-тарбия бериш борасидаги вазифаларни лозим даражада бажармаган ёки бўйин товлаган ота- оналар ёки бошқа қонуний вакилларга нисбатан қонуний чоралар қўллашда ҳокимликлар хузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўради.

5.   Шахар ва туманлар ИИБлари:

5.1.     Мониторинг тизимида мавжуд маълумотларнинг узлуксиз равишда янгиланиб туриши, ўқувчининг дарсларга қатнашиши аҳволи юзасидан тўлиқ маълумотларнинг тезкор етказиб берилишидан унумли фойдаланган ҳолда ўқувчининг 24 соат давомида дарсларга сабабсиз келмаётганлиги, ёки тўсатдан йўқолганлиги ҳолати юзасидан профилактик ҳамда бошқа тадбирларни олиб боради.

5.2. Касб-хунар коллежларига дарсга мунтазам равишда қатнашмай ўқишдан бўйин товлаган талабаларнинг ота-оналари билан профилактик сухбатлар олиб бориб, фарзандининг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган ёки унга таълим-тарбия бериш билан боғлиқ вазифаларни бажармаётганларга нисбатан қонунда белгиланган қатъий чоралар кўради.

6.        Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-хунар коллежларига жойлаштириш, талабаларнинг дарсларга тўлиқ қатнашишини рағбатлантириш ишларини мунтазам равишда олиб бориб, ўтказилган тадбирлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказилиб борилади ва бу тўғрисида ҳар ойнинг 15-санасида ҳудудий прокуратура органларига маълумотлар бериб борилади.

7.     Жамоатчилик ташкилотлари, махалла фуқаролар йиғинлари, касб-ҳунар коллежлари билан ҳукукни мухофаза килувчи органлар ўртасида касб-ҳунар коллежларига мунтазам катнашмаётган талабалар ҳақидаги маълумотлар юзасидан ҳар ойда тақослама далолатномалар тузиб борилади.

8.  Мониторинг тизимида ахборот алмашинуви тартиби.

8.1.    Ушбу тизим амалга киритилгандан сўнг, ҳар ой якуни бўйича касб-ҳунар коллежларидаги давомат ишларининг таҳлили ўтказилади.

8.2.      Таҳлиллар вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-хунар таълими бошкармаси томонидан олиб борилади.

8.3.     Таҳлил якунлари ушбу мониторинг натижаларини амалда жорий этиш бўйича масъул бўлган барча ташкилотларга етказилади.

8.4.     Вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси хузурида мониторинг тизими фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида мутасадди корхона ва ташкилотлар ходимларини жалб этган ҳолда доимий ишловчи ахборот таҳлил гурухи тузилади.

8.4.     Таҳлилларни кабул килган мутасадди ва манфаатдор ташкилотлар таҳлилларни кабул килган пайтдан бошлаб, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга киришадилар ва бу борада амалга оширилган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошкармасининг ахборот тахлил гурухига маълумот етказилади.

8.5.    Гурух, томонидан умумлаштирилиб, электрон шаклда, (онлайн) реал вакт тартибида вилоят прокуратураси ва туман-шахар прокурорлари ва ҳокимликларга ахборот тақдим қилинади.

9.     Мониторинг тизими фаолиятини назорат қилиш тартиби.

9.1.     Мониторинг тизими фаолиятини назорат қилиш вилоят, туман ва шахар прокуратуралари хамда ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

9.2.      Тизим фаолиятини самарали ташкил этишда совуққонлик билан қараётган, бу борада қўшиб ёзиш, нотўғри маълумотларни киритиш, тизимни техникавий ҳолатига қастдан зарар етказиш ва шу каби қонун бузилишига сабаб бўлган масъул шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.

9.3.     Мониторинг тизими фаолияти самарадорлигини ошириш борасида рахбар ходимларнинг хисоботлари ҳар чоракда ҳалк депутатлари тегишли Кенгаш сессияларида муҳокама этиб борилади.

9.4.    Ҳар ойда бир маротаба тегишли мутасадди ва манфаатдор ташкилот рахбари бу борада оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилади.

9.5.         Ҳар ойда бир маротаба дарсларга мунтазам қатнашмаётган ўқувчилар, ёки уларнинг дарсларга қатнашишларига тўсқинлик қилаётган ота-оналар ёки бошка қонуний вакилларга нисбатан қўлланилган жазо чоралари тўғрисида махсус кўрсатув тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари орқали эфирга узатилади.

9.6.  Халк депутатлари туман ва шахар Кенгашлари раислари:

таълим сифатини белгиловчи муҳим ахамиятига молик бўлган мазкур фаолиятда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш;

ижроия хокимияти органларининг бу йўналишдаги иш услубларини янада такомиллаштириш чораларини кўришни ташкил этиш;

Халк депутатлари туман ва шахар Кенгашлари мазкур масалани доимий равишда назорат тартибида ўрганиб, ҳар чоракда Кенгаш сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишларида алохида муҳокама қилиб борилишини ташкил этади.

10. Бухоро вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг давомати ва таълим сифатини ошириш мақсадида бошқармада ахборот тахлил гурухи тузилади ва уларнинг иш тартиби ушбу ҳужжат билан белгиланади.

Гурух ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президента Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари ва фармойишлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокими қарорлари асосида олиб боради.

Ахборот тахлил гурухига:

тегишли ҳокимликлар, ўқув юртлари, ташкилотлар ва корхоналардан касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар давоматини гурух йигилишлари баён шаклида расмийлаштирилиб, баён комиссия аъзоларининг барчаси томонидан имзоланади.

Йигилиш баёни вазифалар тақсимотига мувофиқ гурух аъзоларидан бири томонидан юритилади.

Шунингдек, сохадаги ечими топилмаётган долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тайёрланади ва гурух, рахбари томонидан тегишли корхона ва ташкилотларга такдим этилади.

11.  Мазкур Тартиб талабларига сўзсиз риоя этилишига шахар ва туманлар ҳокимлари, прокурорлари ва ИИБ бошлиқлари ҳамда вилоятдаги барча касб-хунар коллежлари ва академик лицейлар директорлари масъулдирлар.

12.   Ушбу Тартиб шахар ва туманлар ҳокимлари, ИИБ бошлиқлари ҳамда вилоятдаги барча касб-хунар коллежлари ва академик лицейлар директорларига ижросини таъминлаш учун, шахар ва туманлар прокурорларига ижросини назорат ўилиш учун юборилсин.

           Мазкур Тартиб 2014 йил 1 январдан кучга киритилсин.